Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларларда устав капиталини ошириш масалалари

     “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасига асосан жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтиришга у тўлиқ тўланганидан кейингина йўл қўйилади.

        Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан (агар жамиятнинг уставида бундай қарорни қабул қилиш учун овозларнинг бундан кўпроқ сони зарурлиги назарда тутилган бўлмаса) қабул қилинган қарорига биноан амалга оширилади.

   Жамият устав фондининг (устав капиталининг) кўпайтирилиши жамиятнинг мол-мулки ҳисобига ва (ёки) жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ҳисобига ва (ёки), агар бу жамиятнинг устави билан тақиқланган бўлмаса, жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.

       Демак, ушбу жамиятларда устав капитали 3 хил тартибда кўпайтирилиши мумкин:

а) жамиятнинг мол-мулки ҳисобига;

б) жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ҳисобига;

в) жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига.

      Жамиятларнинг устав капиталини кўпайтириш “б” ва “в” вариантлари бўйича амалга ошириш имкони мавжуд. Бироқ, “а” вариантда, яъни устав капиталини жамиятнинг мол-мулки ҳисобига кўпайтиришнинг имкони мавжуд эмас.

    Ушбу Қонуннинг 17-моддасига асосан жамият устав фондини (устав капиталини) жамиятнинг мол-мулки ҳисобига кўпайтириш тўғрисидаги қарор бундай қарор қабул қилинган йилдан олдинги йил учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботи маълумотлари асосидагина қабул қилиниши мумкин.

     Жамият устав фонди (устав капитали) жамиятнинг мол-мулки ҳисобига кўпайтириладиган сумма жамият соф активларининг қиймати билан устав фонди (устав капитали) ҳамда захира фонди суммаси ўртасидаги фарқдан ортиқ бўлмаслиги керак.

     Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) ушбу моддага мувофиқ кўпайтирилганда жамият барча иштирокчилари улушларининг миқдорлари ўзгармаган ҳолда улар улушларининг номинал қиймати мутаносиб равишда кўпаяди.

   14-сонли БҲМС “Хусусий капитал тўғрисида ҳисобот”нинг 10-бандига биноан соф активлар деганда хўжалик юритувчи субъектнинг ўз маблағлари билан таъминланган узоқ муддатли ва жорий активларнинг қиймати, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг қарз мажбуриятларидан озод бўлган мол-мулк қиймати тушунилади.

Оддий қилиб айтганда:

                         Активлар – мажбуриятлар = соф активлар

Демак:

Соф активлар Устав фонди Захира фонди = Жамиятнинг устав капиталини кўпайтиришга қаратилган мол-мулки

   Юқоридагилардан келиб чиқсак, жамиятнинг мол-мулки ҳисобига кўпайтириш қўшилган капитал, тақсимланмаган фойда, мақсадли тушумлар ва келгуси давр харажатлари ва тўловларни учун захиралардан сотиб олинган хусусий улушларни (акцияларни) айириб ташлаган ҳолдаги натижага амалга ошириш кераклиги Ушбу Қонунда белгиланган.

    Қўшилган капитал, мақсадли тушумлар ва келгуси давр харажатлари ва тўловларни учун захиралар ҳисобига устав капитали кўпайтиришнинг умуман иложи йўқ. Чунки, ушбу баланс моддалари ёки бухгалтерия ҳисоби объектлари фойдаланиш мақсади аниқ белгиланган.

   Тақсимланмаган фойда эса, бизнинг фикримизча, аввал таъсисчилар ўртасида дивиденд сифатида тақсимлангандан кейин таъсисчиларнинг қўшимча киритган ҳиссалари сифатида устав капиталини кўпайтириши мумкин:

  • дивиденд ҳисобланганда:

Дебет 8710 “Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарар)” счёти;

Кредит 6610 “Тўланадиган дивидендлар” счёти;

  • устав капитали кўпайтириш бўйича уставга тегишли ўзгартиришлар киритилганда ва давлат рўйхатидан ўтказилганда:

Дебет 4610 “Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи” счёти;

Кредит 8330 “Пай ва улушлар”

  • бир вақтнинг ўзида:

Дебет 6610 “Тўланадиган дивидендлар” счёти;

Кредит 4610 “Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи” счёти;

      Демак, бу ҳолатда устав капитали жамият мол-мулки сифатида эмас, таъсисчиларнинг қўшимча ҳиссалари сифатида кўпайтирилмоқда.

    Хулоса шуки, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16 ва 17-моддаларида жамиятнинг мол-мулки ҳисобига устав капитал кўпайтирилиши мумкин дея келтирилган нормани чиқариб ташлаш лозимдир.

 

Обсуждение закрыто.