Ишлаб чиқариш тўхтатилганда харажатларни ҳисобга олиш масаласи

Амалиётда хўжалик юритувчи субъектларда маҳсулотга талабнинг мавсумийлиги, бозор конъюнктурасининг ўзгариши натижасида ишлаб чиқариш фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши ҳолатлари юз бериши мумкин. Ушбу вазиятда ишлаб чиқариш билан боғлиқ айрим харажатлар, хусусан, ушбу ишлаб чиқариш билан боғлиқ иш ҳақи, асосий воситаларга амортизация харажатлари тўхтатилмайди. Чунки ишлаб чиқариш жараёни тўхтагани билан ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча ишчи ходимларни ишдан бўшатилмайди ва бу ишчиларга уларни сақлаб туриш учун ҳеч бўлмаганда минимал даража бўлса ҳам иш ҳақи ҳисобланади, шунингдек, ушбу ишлаб чиқариш билан боғлиқ амотизация харажатлари ҳам амалга оширилади.

Бунга асос “Асосий воситалар” номли 5-сонли БҲМСнинг 32-бандида кўрсатилган, яъни асосий воситаларни фойдали ишлатиш муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди, асосий воситалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказилган ҳолатлар, шунингдек уларни буткул тўхтатиш шарти билан объектни қуриб битказиш, тўлиқ жиҳозлаш, қайта қуриш, замонавийлаштириш, техник қайта қуроллантириш даври бундан мустасно. Бундай ҳолатда ишлаб чиқариш билан боғлиқ иш ҳақи харажатлари ва асосий воситаларнинг амортизация харажатларини бухгалтерия ҳисобида қандай тартибда акс эттирилиши каби муаммо туғилади. Муаммо шундаки ишлаб чиқариш жараёнининг ўзи мавжуд бўлмаганда ушбу иш ҳақи ва амортизация харажатларини асосий ишлаб чиқариш харажатларига (2010) олиб бориш қанчалик тўғри ҳисобланади. Бунга ечимни қуйидагичи келтирамиз:

Харажатлар таркиби тўғрисидаги Низомнинг 2.3.8.3-бандида хўжалик юритувчи субъект ўзининг қарорига мувофиқ мажбурий прогул вақти ёки паст ҳақ тўланадиган ишни бажарганлик учун ҳақ тўлаш бошқа операцион харажатлар таркибида ҳисобга олиниши келтирилган. Бунга кўра ишлаб чиқариш билан боғлиқ ишчиларга ишлаб чиқариш вақтинчалик тўхтатилган вақда ҳисобланган иш ҳақи харажатлари 9430 “Бошқа операцион харажатлар” счётига олиб борилади.

Ушбу Низомнинг 2.3.26-бандида ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиб туриш даврида ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларни сақлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш харажатлари бошқа операцион харажатлар таркибида ҳисобга олиниши келтирилган. Демак, бу ҳолатда ҳам ишлаб чиқариш билан боғлиқ асосий воситалар бўйича амортизация ҳаражатлари ҳисобланганда ушбу харажатлар 9430 “Бошқа операцион харажатлар” счётига олиб борилади.

 

Обсуждение закрыто.