Бухгалтерия ҳисобининг айби муаммони яққол очиб берганидами?

Солиқ ва божхона хабарлари газетасининг 2017 йил 25 июлдаги 30-сонида (рус тилидаги) ҳамда 1 августдаги 31-сонида (ўзбек тилидаги) “Norma online” эксперти Музаффар Мирзаганиевнинг “Бозор курси бўйича конвертация қилиш импорт қилувчи учун қандай оқибатларга олиб келади” номли мақоласида кўтарилган масала ҳақиқатдан ҳам долзарб ҳисобланади. Бизни мақолага фикр билдиришимизга мажбур қилган жиҳат бу – масаланинг ечимидир. Муаллиф мақолада кўтарилган масалани ечими сифатида бухгалтерия ҳисобининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишни таклиф этган.

Бизнинг фикримизча, бухгалтерия ҳисобининг қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш таклифи “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунинга, хусусан, қонуннинг 15-моддасига зид ҳисобланади. Ушбу моддада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ҳамда бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини мунтазам равишда белгилаб бориши ўрнатилган. Демак, барча ҳорижий валютадаги операциялар бухгалтерия ҳисобида Марказий банкнинг расмий курси бўйича бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади. Бу эса ҳорижий валютадаги операцияларни тартибга солувчи бухгалтерия ҳисобининг барча қонун ҳужжатларида келтирилган тартибларда ҳорижий валютадаги операциялар Марказий банкнинг расмий курси бўйича ҳисоб юритилишини билдиради.
Бундан ташқари, мақолада кўтарилган муаммо дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархини шакллантиришдаги чекланган савдо устамалари мавжудлиги боис юзага келмоқда. Маълумки, бухгалтерия ҳисобининг қонун ҳужжатлари нархни шакллантиришни тартибга солмайди. Муаллиф таклиф қилган ечим эса “бургага жаҳл қилиб кўрпани ёқиш” деганидир. Муаммо нархни шакллантиришда экан нархни шакллантириш билан боғлиқ қонун ҳужжатларни тўғрилаш керак деб ҳисоблаймиз. Яъни, Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархини тартибга солиш тўғрисидаги низомга эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги ПҚ-2647-сон Қарорининг ўзига савдо устамасини ошириш бўйича ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ. Савдо устамасининг таркибида курс фарқи ҳам ҳисобга олиниши керак.
Аслида масала Марказий банкнинг расмий курси билан бозор курсининг кескин фарқ қилишида, шундай экан, нимага энди муаммони ҳал қилишда монетар сиёсатни тўғрилашни ҳисобга олмаймиз, яъни нега энди Марказий банкнинг расмий курси бозор курсидан кескин фарқ қилиши керак деган саволни қўймаймиз. Бизнингча, Марказий банкнинг расмий курси бозор курси билан бир хил бўлса, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади.

 

Обсуждение закрыто.