Асосий воситалар: Tан олиш

   Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (5-сонли БҲМС) “Асосий воситалар”га асосан асосий воситаларнинг актив сифатида тан олиш мезонларини белгилаш ҳамда бухгалтерия ҳисобида акс эттириш пайтини аниқлаш муҳим ҳисобланади.

  Авваламбор шуни таъкидлаш зарурки, бухгалтерия ҳисобида бирор бир ускунани, бинони, товар-моддий захирасини ёки ҳуқуқни актив сифатида тан олиш учун қуйидаги иккита мезонга жавоб бериши лозим:

  • а) активга нисбатан мулк ҳуқуқи мавжуд бўлса;
  • б) корхонага келгусида актив билан боғлиқ иқтисодий наф келиб тушишига ишонч бўлса;
  • в) актив қийматини аниқ баҳолаш мумкин бўлса.

        Ушбу мезонлар маъноси шуки, бухгалтерия ҳисобида актив сифатида квалификация қилинадиган ҳар бир объект корхона фаолияти учун иқтисодий наф келтириши керак, яъни ушбу объект корхона фаолиятида фойдаланиш, қайта ишлаш ёки сотиш учун мўлжалланган бўлиши лозим ҳамда ушбу объектни қийматини аниқлаш имкони мавжуд бўлиши лозим.

       5-сонли БҲМСга кўра асосий воситалар таркибига корхона томонидан узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиш учун тутиб туриладиган моддий активлар киритилади.  Қисқача айтганда, корхона томонидан қуйидаги иккита муддатнинг энг узоғидан — бир йил ёки бир бизнес циклдан кўп муддатда моддий-ашёвий шаклини ўзгартирмасдан корхона фаолиятида фойдаланиш учун олинган ёки яратилган активлар асосий воситалар ҳисобланади. Бу таърифда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш лозим:

  • иккита муддатнинг энг узоғидан — бир йил ёки бир бизнес циклдан кўп муддат фойдаланишлик жиҳати;
  • моддий-ашёвий шаклини ўзгартирмаслик жиҳати;
  • корхона фаолиятида фойдаланишга мўлжалланганлиги жиҳати;
  • иккинчи томондан олинганлик ёки корхонада яратилганлик жиҳатлари.

     Асосий воситаларнинг иккита муддатнинг энг узоғидан — бир йил ёки бир бизнес циклдан кўп муддат фойдаланишлик жиҳати моҳиятини тушуниш учун бизнес цикл тушунчасига аниқлик киритиш лозим. Бизнес цикл – бу ҳом ашёдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган муддат ҳисобланади. Бизнес цикл ҳар бир корхона фаолиятидан келиб чиқиб ҳар хил бўлади, яъни бизнес цикл қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун тахминий 6 соат бўлса, кемасозлик, авиасозлик, қурилиш соҳаларида 1 йилдан ҳам узоқ муддат бўлиши мумкин. Хизмат кўрсатувчи корхоналарда бизнес цикл бир бирлик хизмат кўрсатиш жараёни бошидан то хизмат кўрсатиш жараёнининг тугашигача бўлган муддат ҳисобланади. Бундан келиб чиқиб, агарда бир бизнес цикл бир йилдан кам муддат бўлганда – бир йилдан кўп фойдаланиладиган активлар,  бир бизнес цикл бир йилдан ортиқ муддат бўлганда – бир бизнес циклдан кўп фойдаланиладиган активлар асосий воситалар сифатида тан олишга асос бўлади. Бунда шуни эсдан чиқармаслик лозимки, бир бизнес цикл муддатда фойдаланиладиган активлар бир бирлик маҳсулотни (хизматни ёки ишни) ишлаб чиқаришда ишлатилади. Буларга мисол сифатида барпо этиш харажатлари қурилиш-монтаж ишларининг таннархига киритиладиган вақтинчалик (нотитул) иншоотлар, мосламалар ва қурилмаларни киритиш мумкин.

     Моддий-ашёвий шаклини ўзгартирмаслик жиҳати активнинг корхона фаолиятида восита сифатида ишлатилишида номоён бўлади. Масалан, корхона жойлашган бино, фаолиятида фойдаланиладиган ускуналар, автомобиллар бунга мисол бўла олади. Корхона фаолиятида ишлатиладиган ҳом ашё ва материаллар бир бизнес циклда ўзининг моддий-ашёвий шаклини ўзгартиради, яъни тайёр маҳсулот шаклига ўтади.

Навбатдаги муҳим жиҳат бу корхона фаолиятида фойдаланишга мўлжалланганлиги жиҳатидир. Корхона фаолиятини аниқлаш нафақат асосий  воситаларни тан олишдаги мезон ҳисобланади, балки корхонада бухгалтерия ҳисобини ташкил этишда ва юритишдаги муҳим мезон ҳисобланади. Одатда корхоналар бир ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш ёки ишлар бажариш) фаолиятини амалга оширади. Бироқ, айрим корхоналар бир вақтнинг ўзида бир нечта ишлаб чиқариш жараёниларини, шунингдек, қурилиш ёки техник хизмат кўрсатиш каби ишларни бажариш ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнларини қамраб олиши мумкин. Бундан келиб чиқиб, корхона фаолиятини бир корхонанинг барча ишлаб чиқариш фаолиятлари, хизмат кўрсатиш ҳамда иш бажариш фаолиятларини амалга ошириш ҳамда ушбу фаолиятларни амалга ошириш учун билвосита зарур фаолиятларни амалга ошириш сифатида эътироф этиш мумкин. Бунда корхонанинг асосий фаолиятини ёки фаолиятларини (солиқ тўлаш мақсадида эмас) амалга оширишда билвосита зарур фаолиятига корхона ишчиларига мўлжалланган дам олиш масканлари фаолиятини мисол сифатида келтириш мумкин.

      Ва ниҳоят, иккинчи томондан олинганлик ёки корхонада яратилганлик жиҳатлари корхонада асосий воситаларнинг юзага келиш асослари билан боғлиқ, яъни корхонада асосий воситалар сотиб олиниши, текинга олиниши, устав капиталини шакллантириш учун ҳисса сифатида киритилиши, бошқа активга алмаштирилиши, қарзни воз кечиш эвазига олиниши, корхонанинг ўзида яратилиши мумкинлиги ва ҳоказолар билан изоҳланади.

     5-сонли БҲМСга асосан асосий воситалар таркибига қуйидаги мезонларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган моддий активлар киритилади:

        а) бир йилдан ортиқ хизмат муддати;

      б) бир бирлик (тўплам) учун қиймати Ўзбекистон Республикасида (харид пайтида) белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан ортиқ бўлган буюмлар.

     Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, корхона раҳбари ҳисобот йилида моддий активларни асосий воситалар таркибида ҳисобга олиш учун улар қийматининг энг кам чегарасини ўзгартириш ҳуқуқига эга. Ушбу мезонни корхона ҳисоб сиёсатида белгилаши лзим.

     5-сонли БҲМСга биноан хизмат муддати ва қийматидан қатъий назар, қуйидагилар асосий воситалар таркибига киритилмайди:

  • а) махсус асбоблар ва мосламалар (муайян буюмларни сериялаб ва оммавий ишлаб чиқариш ёки якка тартибдаги буюртмани тайёрлаш учун мўлжалланган мақсадли вазифадаги асбоблар ва мосламалар);
  • б) махсус ва санитария кийимлари, махсус пойабзал;
  • в) кўрпа-тўшаклар;
  • г) канцелярия ашёлари (калькуляторлар, стол жиҳозлари ва ҳоказо);
  • д) ошхона инвентари, шунингдек ошхона чойшаблари;
  • е) барпо этиш харажатлари қурилиш-монтаж ишларининг таннархига киритиладиган вақтинчалик (нотитул) иншооатлар, мосламалар ва қурилмалар;
  • ж) фойдаланиш муддати бир йилдан кам бўлган алмаштириладиган ускуналар;
  • з) овлаш қуроллари (траллар, ёйма тўрлар, тўрлар, жиҳозлар, мережлар ва ҳоказо).

 

Обсуждение закрыто.