Якка тартибдаги тадбиркорга товар моддий-захираларини беришда ишончнома талаб қилиш зарурми?

        Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 134-моддасида бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланиши ўрнатилган. Кўриниб турибдики, ишончнома ишонч билдирувчининг бошқа шахс олидаги вакилига ваколат берилган хатти-ҳаракатларни амалга ошириш учун берилади.

  “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида эса якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) томонидан тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга оширишдир.

     Якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бошқа шахслардан товар-моддий захиралари олишда ишончнома талаб қилинмайди. Чунки, якка тартибдаги тадбиркор ўз номидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади, ҳуқуқ ва мажбуриятларни олади ҳамда амалга оширади.

     Бироқ, якка тартибдаги тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимларни ёллашга ҳақли. Агарда якка тартибдаги тадбиркорнинг ёлланган ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бошқа шахслардан товар-моддий захиралари олинишда якка тартибдаги тадбиркор ёлланган ходимларига товар-моддий захиралари олиши учун шончнома бериш кераклиги ёки керак эмаслиги бўйича муаммо туғилади.

      Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 5-бандида хусусий тадбиркор билан меҳнат муносабатлари ўрнатган жисмоний шахслар хусусий тадбиркор сифатида қаралмаслиги ва улар хусусий тадбиркор номидан ҳуқуқий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмаслиги кўрсатилган.

     Демак, товар-моддий захиралари бўйича битимларни тузиш ва уларни олишни якка тартибдаги тадбиркорнинг ўзи томонидан амалга оширилади. Шунинг учун ишончнома ёзишга эҳтиёж йўқ.

      Товар-моддий қимматликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида Низом қоидалари мулкчилик шаклидан ва идоравий тобелигидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг барча корхоналари, ташкилотлари ва муассасаларига, яъни фақат юридик шахсларга татбиқ этилади.

       Шундай қилиб, агарда якка тартибдаги тадбиркор товар-моддий захираларини олишни бошқа шахсга ишончнома бериш орқали юкласа, бу ҳолда, бизнинг фикримизча, нотариал тасдиқланган ишончнома орқали ушбу ҳаракатни амалга ошириши мумкин.

 

Обсуждение закрыто.